Эксперт бўлиш учун қўйиладиган талаблар

Эксперт.

Масъул ижрочи бошчилигида тасдиқланган услубларга мувофиқ мавзунинг айрим қисмлари (босқичлар, топшириқлар) бўйича илмий тадқиқотлар ва илмий изланишлар олиб боради. Тажрибаларни бажаришда иштирок этади, кузатув ва ўлчашларни амалга оширади, уларни баён қилади ва хулосаларни тузади. Илмий эксперт ахборотини ўрганади, илмий татқиқот ишлари натижаларини эксперт амалиётига тадбиқ этишда иштирок этади. Мавзу ёки унинг қисми (босқич, топшириқ) бўйича ҳисобот тайёрлайди. Экспертизалар ўтказади, тажрибали (катта, етакчи, бош эксперт) ходимлар билан биргаликда қайта ва комплекс экспертизаларни бажаради, эксперт амалиётини умумлаштиришда иштирок этади, экспертлар хулосаларига тақризлар ёзади, услубий ва эксперт-профилактика ишларида, илмий билимларни Марказ илмий ишларини тарғибот қилишда иштирок этади, Марказ, бўлим (лаборатория) раҳбарияти топшириқларига асосан Марказ ихтисослигига кўра бошқа ишларни бажаради.
Билиши керак: Ўтказилаётган тадқиқотлар ва ишланмаларнинг мақсади ва вазифаларини, тадқиқот ва ишланмаларнинг режалаштириш ва ташкил қилишининг замонавий услубларини, тажриба ва кузатувлар ўтказишни, ахборотни умумлаштирилиш ва қайта ишлашни, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни, ўз соҳаси бўйича илмий ва эксперт тадқиқотларида фойдаланиладиган услубларни ва асбоб-ускуналарнинг ишлаш тамойилларини, илмий ишларни ва суд экспертизаларининг ўтказилишини тартибга солувчи қонун ва идоравий меъёрий ҳужжатларни, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлигини, ишлаб чиқариш санитарияси ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича қоида ва меъёрларни.
Жавобгарлиги ва ўзаро ўрин босиши: Эксперт зиммасига юклатилган вазифаларни сифатли ва белгиланган муддатларда бажарилиши учун шахсан жавобгардир.
Эксперт иш жойида бўлмаганда (меҳнат таътили, хизмат сафари даврида ва бошқа ҳолатларда) унинг вазифасини лаборатория (бўлим) мудири тавсиясига асосан бошқа ходим бажаради.
Малака талаблари: Олий маълумот, белгиланган тартибда берилган давлат суд эксперти малакасига эга бўлиши керак.
Ушбу мансаб йўриқномасига қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши мумкин.


Иш-ўрганувчи эксперт.

Иш-ўрганувчи экспертни мустақил ишлашга тайёрлаш даврида раҳбар тайинланади. Ўз вақтида ва тўлиқ тайёргарликни таъминлаш учун ҳар бир таркибий лабораторияда (бўлим)да тегишли экспертлик мутахассисликларга оид тайёргарликни ўтиш намунавий режалари ишлаб чиқилади.
Бевосита бириктирилган раҳбарнинг назорати остида суд экспертининг вазифаларини амалга оширади, мустақил ишлаш хуқуқига эга бўлган экспертлар сингари ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Режага асосан суд экспертизаларини ўтказишда, уларни расмийлаштиришда, тадқиқотлар ўтказиш учун намуналарни олишда иштирок этади.
Суд экспертиза амалиётида вужудга келадиган муаммоларни ҳал этиш учун назарий ва амалий билимларни чуқур ўрганади, замонавий иш амалиёти билан танишиб чиқади. Мехнат интизоми, мехнатни муҳофаза қилиш, ёнғин хавфсизлиги, касб этика қоидаларига риоя қилади. Мустақил ишлашга тайёрлаш муддатини ўтаб бўлганидан сўнг, Давлат суд эксперти комиссиясига мутахасислик бўйича имтихон топширади. Имтихонни муваффақиятли топширган тақдирда, унга белгиланган тартибда давлат суд эксперти малакаси берилади.
Суд экспертизасини ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини, суд экспертизаларининг назарий, услубий ва илмий-ташкилий асосларини, ўз ваколати доирасида суд экспертизаларини ўтказиш услубини, меҳнат қонунчилиги асосларини. Меҳнат хавфсизлиги, техника хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича қоида ва меъёрларни.
Малака талаблари: Олий маълумотга эга бўлиши керак. (Истисно тариқасида ўрта махсус маълумотга эга, ўз соҳаси бўйича камида 10 йиллик меҳнат стажига ва тегишли экспертиза соҳаси бўйича профессионал иш тажрибасига эга бўлиши лозим).
Ушбу мансаб йўриқномасига қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши мумкин.