Суд экспертиза соҳасида аккредитация

Бугунги кунда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси Марказининг фаолияти энг сўнгги замонавий инновацион технологиялар ва жаҳон талабларига жавоб берадиган халқаро стандарт меъёрлари бўйича фаолият олиб бормоқда.  Суд экспертиза соҳасида суд экспертлик фаолияти, хусусан  ўтказилаётган тадқиқотларни халқаро стандарт талабларига мувофиқлигини аниқлаш ва аккредитациядан ўтказиш суд экспертиза муассасалари фаолияти сифатини оширишда муҳим ўрин тутади. Суд экспертлик фаолиятини олиб борувчи ташкилотнинг халқаро аккредитациядан ўтганлиги экспертиза тайинлайдиган орган (шахс)га  суд экспертиза лабораториясини танлашда асосли қарор қабул қилишига имкон беради, чунки аккредитация ташкилот томонидан бериладиган хизмат турлари ва тадқиқотларининг сифати, ваколати, холислиги ва кенг имкониятларини намойиш этади.
Аккредитация:

  • суд-экспертиза лабораториялари фаолияти илмий-техник даражаси ва суд эксперт хулосаларининг ишончлилигини  оширишга;
  •  ушбу лабораториялар фаолиятини баҳолашни  объективлаштиришни ва суд эксперт хулосаларини суд жараёнидаги шубҳасиз тан олинишига;
  • ашёвий далилларни текширишни ва ташкилотнинг суд-экспертлик технологияларини муқобиллаштиришга, хусусан экспертиза ижро муддатларини қисқартилишига;
  • суд эксперт хулосаларининг нафақат маҳаллий суд ва тергов жараёнларида, балки хорижий ва халқаро суд жараёнларида ҳам қўлланилишига имконият яратади.

Марказ фаолиятида  сифат менежментини жорий этиш ишлари
2015 йилда бошланган бўлиб, дастлаб Марказ ИСО 9001:2015 “Сифат менежмент тизими. Талаблар” стандарт талабларига кўра, “Производство судебных экспертиз и исследований” аккредитация доираси бўйича CЕРТ ИНТЕРНАТИОНАЛ халқаро сертификация органи томонидан Аккредитациядан ўтказилиб, танланган аккредитация доираси бўйича Марказ фаолиятини стандарт талабларига кўра бажарилишида мувофиқлик аниқланган ва №ҚМС-0117/А Аккредитация сертификатига эга бўлган.
Марказ фаолиятида сифат менежмент тизимини ISO/IEC 17025 стандарт талаблари бўйича ташкил этиш ва амалиётга татбиқ этиш, Марказ лабораторияларини мазкур стандарт талабларига мувофиқ халқаро аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ ишлар 2017 йилдан бошлаб амалга оширилди. Молиявий ва ташкилий ишлар БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашишнинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонасининг Марказий Осиё давлатлари учун 2015-2020 йилларга мўлжалланган “Илмий тадқиқотлар ва тенденциялар таҳлили” мавзусидаги лойиҳасининг “Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги ва Адлия вазирлиги эксперт-криминалистик лабораториялари имкониятларини мустаҳкамлаш”  компоненти доирасида бажарилди.
Халқаро аккредитациядан ўтиш жараёни бир неча мураккаб босқичларни ўз ичига олиб, стандарт талабига кўра махсус ички ҳужжатлар тизимини ишлаб чиқишни ва уларни амалиётга жорий этишни тақозо этади. Шунга кўра, Марказ Сифат менежментининг энг асосий Сифат соҳасидаги Сиёсати, Сифат бўйича қўлланмаси, 19 та умумий жараён ҳужжатлари, танланган аккредитация доиралари бўйича техник жараён ҳужжатлари (СОП) ва йўриқномалари ишлаб чиқилди ҳамда амалиётга татбиқ этилди.  Лабораторияларнинг моддий техник базаси янгиланди, энг сўнгги замонавий техник ускуналар ва воситалар билан жиҳозланди. ISO/IEC 17025:2017 стандарт талаблари бўйича ходимлар махсус тренинг курсларида ўқитилиб, стандарт талабларига кўра тадқиқотларни ўтказиш ва уларни расмийлаштириш тартиби бўйича малака ва кўникмалари оширилди.  Танланган аккредитация доиралари бўйича халқаро аккредитатланган провайдерларнинг  Профессионал тест текширувларида иштирок этилди, усуллар валидацияси ва верификацияси ўтказилди.
2020 йил 14-17 март кунлари Марказнинг Одам ДНКси суд биологик экспертизаси лабораторияси ва Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси  лабораториялари ГОСТ ISO/IEC 17025-2019 (ISO/IEC 17025:2017) «Тадқиқот ва калибрлаш лабораторияларининг ваколатлилигига қўйиладиган умумий талаблар» стандарт талаблари бўйича Қозоғистон Республикаси Миллий Аккредитация Маркази томонидан ташқи аудит текширувидан ўтказилиб, Марказ лабораториялари фаолиятининг стандарт талабларига мувофиқлиги ҳақидаги ижобий хулосаси олинди.
2020 йил 23 июнь кунидаги  Қозоғистон Республикаси Миллий Аккредитация Марказининг №532-ОД сонли буйруғига кўра, Х.Сулаймонова номидаги Республика Суд экспертизаси Маркази халқаро аккредитациядан ўтган ташкилотлар рўйхатига қўшилди ва “Наркотик моддаларни идентификация қилиш (ТГК, кодеин, морфин, героин)” ва “ДНКни аниқлаш: одам қони ва сўлаги” (Оталикни (оналикни) аниқлаш экспертизалари) аккредитатсия доиралари бўйича ўтказиладиган экспертиза тадқиқотларини ГОСТ ISO/IEC 17025-2019 (ISO/IEC 17025:2017) стандарт талабларига жавоб бериши ҳақидаги Аккредитация Аттестати (№ КЗ.Т.00.2341) га эга бўлди. Марказ Ўзбекистон Республикасида суд экспертлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар ичида биринчи бўлиб ГОСТ ISO/IEC 17025-2019 (ISO/IEC 17025:2017) стандарт талабларига мувофиқ Аккредитация жараёнини ўтказди.
2019 йил 17 январдаги ПҚ-4125-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 7-банди юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ ҳамда БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашишнинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонасининг “Ўзбекистон Республикасида суд экспертиза ташкилотларининг  имкониятларини мустаҳкамлаш-фаза ИИ” номли навбатдаги лойиҳаси доирасида эндиликда Марказнинг Суд фонография экспертизаси ва Ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораторияларини ҳам ГОСТ ISO/IEC 17025-2019 (ISO/IEC 17025:2017) стандарт талаблари бўйича халқаро аккредитациядан ўтказиш ишлари бошланган ва келгусида танланган аккредитация соҳаларини янада кенгайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда.