Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги республика суд-экспертиза марказининг суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.11.2021 йилдаги 704-сон “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги республика суд-экспертиза марказининг суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига асосан ташкил этилган.
Қарорга асосан Институт суд-экспертлик фаолияти соҳасига замонавий илмий ёндашувларни қўллаш орқали унинг самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги илмий-тадқиқот ишларини янги босқичга кўтариш, давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига илмий-услубий жиҳатдан кўмаклашиш, уларнинг фаолиятини ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришда иштирок этади.
Шунингдек, суд-экспертиза фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш, шунингдек, илмий ва илмий-техник фаолият натижаларидан экспертлик амалиётида фойдаланишни кенгайтириш мақсадида Институтнинг Идоралараро илмий-услубий кенгаши ташкил этилган.
Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
- суд экспертизаси соҳасида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;
- давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига илмий-услубий кўмак бериш;
- суд-экспертлик вазифаларини ҳал қилишнинг илмий асосларини такомиллаштириш ва ягона илмий-методик ёндашувларини ишлаб чиқиш;
- суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари ва илмий ташкилотларга услубий ёрдам кўрсатиш;
- суд-экспертлик фаолиятига фан ва техника ютуқларини жорий этиш бўйича чораларни кўриш;
- суд экспертизаси соҳасидаги тизимли муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни ҳал этишга доир илмий асосланган таклифлар ва таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш;
- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг малакали суд экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини доимий равишда ўрганиш орқали суд экспертизасининг янги турлари ҳамда услубиётларини ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифлар киритиш;
- суд экспертизаси соҳасига ривожланган ахборот технологиялари ва инновацияларни кенг жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.