Марказга ишга қабул қилиш тартиби

1. Адлия органлари ва муассасаларига ходимларни ишга қабул қилиш бўйича танлов (бундан буён матнда танлов деб юритилади) адлия органлари ва муассасаларининг кадрлар таркибини ишчанлик, шахсий ва ахлоқий фазилатлари, маълумоти даражаси
ва соғлиғига кўра юклатилган вазифа ва функцияларни бажаришга лаёқатли бўлган ходимлар билан таъминлаш мақсадида ўтказилади.
2. Танлов адлия органлари ва муассасаларининг раҳбарлари томонидан ташкил этиладиган махсус комиссия томонидан меритократия, очиқлик ва мустақиллик тамойиллари асосида ўтказилади.
Махсус комиссия тегишли адлия органи ёки муассасаси ходимлари орасидан камида беш кишидан иборат таркибда бир йил муддатга тузилади.
Махсус комиссия таркибига келишувга асосан марказий аппарат ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, суд ва жамоатчилик вакиллари киритилиши мумкин.
3. Махсус комиссия раис раҳбарлигида фаолият кўрсатади.
Адлия органлари ва муассасаларида тегишли раҳбар махсус комиссия раиси ҳисобланади. Махсус комиссия таркибига киритилган раҳбар ўринбосарларидан бири комиссия раиси ўринбосари этиб тайинланади.
Адлия вазирлигининг махсус комиссияси таркиби адлия вазири томонидан тасдиқланади.
Адлия вазирлигининг махсус комиссиясининг ва Махсус комиссиясининг ишчи органи ҳамда махсус комиссия котиби адлия органлари ва муассасаларининг кадрлар соҳасига масъул таркибий бўлинмаси (бундан буён матнда Ишчи орган деб юритилади) ҳисобланади. Махсус комиссия йиғилиши аъзоларининг камида 2/3 (учдан икки) қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
4. Танлов қуйидаги босқичлардан иборат:
номзод билан унинг назарий билимлари ва касбий лаёқатини аниқлаш юзасидан суҳбат ўтказиш;
вазирлик номенклатурасига кирадиган лавозимлар бўйича номзодни марказий аппарат билан келишиш.
5. Танлов жараёнлари аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида реал вақт режимида трансляция қилинади.
Танлов жараёнлари ўтказилаётган жойда Махсус комиссия аъзолари, Ишчи орган вакиллари ва номзоддан ташқари бегона шахсларнинг ҳозир бўлишига рухсат берилмайди.
6. Ўтказилган ҳар бир танлов бўйича материаллар, шу жумладан танлов ўтказиш жараёни қайд этилган аудио ва видеоёзувлар ёзилган сақлаш қурилмаларда (дисклар) Ишчи органнинг алоҳида йиғмажилдига тикилади ва бир йил давомида сақланади.
7. Ҳар ой якунлангач кейинги ойнинг 10 санасига қадар вакант лавозимларга танлов ўтказиш тўғрисидаги эълон тегишли адлия органи ва муассасасининг расмий
веб-сайтида жойлаштирилади ёки бошқа босма нашрларда чоп этилади.
8. Ишчи орган раҳбар билан келишилган ҳолда номзодларга қўйиладиган малака
ва бошқа талаблар акс эттирилган бўш иш ўрнига танлов ўтказилиши ҳақидаги эълон матнини тайёрлайди ва Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг соҳавий функциясини бажариш юклатилган таркибий бўлинмага тақдим этади.
Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг соҳавий функциясини бажариш юклатилган таркибий бўлинма эълон матни келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида эълонни матнини тегишли расмий веб-сайтда жойлаштирилишини таъминлайди.
9. Танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
танлов ўтказилаётган лавозим;
танловда иштирок этувчиларга лавозим бўйича номзодга қўйиладиган талаблар;
танловда иштирок этиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар ва уларни тақдим этишнинг охирги санаси;
боғланиш учун телефон рақам ва электрон почта манзили;
танлов ўтказиладиган жой;
адлия органлари ва муассасаларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилган саволларга ҳавола;
танлов тартиби бузилган тақдирда ёки коррупция ҳолатлари ҳақидаги хабарларни Адлия вазирлигининг “1008” ишонч телефонига, адлия органлари томонидан ўрнатилган бошқа телефон рақамларга ва @antikorbot телеграм каналига мурожаат қилиш тартиби.
Агар танлов ходимнинг бола парваришлаш таътилига чиқиши муносабати билан бўш иш ўрнига ўтказилаётган бўлса, эълонда бу ҳақда кўрсатиб ўтилиши лозим.
10. Танловга ҳужжатларни топшириш муддати эълон тегишли расмий веб-сайтда жойлаштирилган кундан бошлаб камида ўн беш календарь кунни ташкил этиши лозим.
11. Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар ушбу Низомнинг
6-иловасига мувофиқ шаклда ариза билан тегишли адлия органи ёки муассасасига мурожаат қилади.
12. Танловда иштирок этиш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
ходимнинг шахсий варақаси (ушбу Низомнинг 29-иловасига мувофиқ маълумотнома-объективка);
диплом (дипломдан кўчирма)нинг нусхаси, чет элда ўқиган бўлса, дипломи тан олиш ва нострификациядан ўтганлигини тасдиқловчи гувоҳнома, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларининг битирувчи курсларида таълим олаётганлар бундан мустасно;
номзоднинг паспорт нусхаси.
Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар электрон шаклда юборилиши ҳам мумкин.
13. Танловда иштирок этиш учун тақдим этилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар белгиланган тартибда тегишли адлия органи ёки муассасасининг девонхонасида рўйхатдан ўтказилади.
14. Ишчи орган томонидан эълонда белгиланган ҳужжат қабул қилиш муддати тугагандан сўнг 15 календарь кун муддатда номзоднинг ҳужжатлари ушбу Низомнинг
5-банди ва лавозимга қўйиладиган малака талабларига мувофиқ келиши, иш жойи ва ўқиш жойидан номзод ҳақидаги маълумотларни дастлабки тарзда ўрганиб чиқилиши лозим. Ўрганиб чиқиш натижаларига кўра, Ишчи орган Махсус комиссия раиси билан келишилган ҳолда танлов ўтказиш кунини белгилайди.
Танлов ўтказиш куни, вақти ва жойи ҳақидаги хабарнома номзодга танлов ўтказиладиган кундан камида беш кун олдин электрон ёки ёзма равишда юборилади.
Танлов куни аниқ бўлгандан сўнг бир иш кунида адлия органлари ва муассасалари мавжуд вакант лавозим бўйича ўтказиладиган танловда иштирок этадиган номзодлар рўйхатини ва улар ҳақидаги маълумотларни марказий аппаратнинг Кадрлар бошқармасига электрон кўринишда юборади.
Ўрганиш жараёнида номзодни адлия органлари ва муассасаларига ишга қабул қилиш учун тўсқинлик қилувчи ҳолатлар қонун ҳужжатларида мавжудлиги аниқланса, номзодга бу ҳақда асослантирилган жавоб хати Ишчи орган томонидан тайёрланади
ва Махсус комиссия раиси томонидан имзоланиб, номзодга юборилади.
15. Номзод ўзининг аризасига асосан танловда иштирок этишдан бош тортган тақдирда тақдим этилган ҳужжатлар қайтариб берилади.
Номзод ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган талабларга мос келмаганда, ишга кириш учун ҳужжатлар ўз вақтида тўлиқ тақдим қилинмаганда ёки била туриб сохта ҳужжатлар ёхуд ёлғон маълумотлар тақдим этилган тақдирда номзодни ишга қабул қилиш рад этилади.
Ишга қабул қилинган ходим томонидан ишга кириш жараёнида била туриб сохта ҳужжатлар ёхуд ёлғон маълумотлар тақдим этилганлиги аниқланган ҳолларда ушбу ходимни хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилади ҳамда унинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар прокуратура органига юборилади.
16. Танлов бошлангунга қадар Ишчи орган томонидан номзоддан соғлиғи ҳолати сўралади. Ўзини ёмон ҳис қилаётганидан шикоят қилган номзодлар танловга қўйилмайди. Бундай ҳолатда далолатнома тузилади ва унга навбатдаги танловда иштирок этиш ҳуқуқи тушунтирилади.
17. Ишчи орган Махсус комиссия аъзолари ва номзодларга вакант лавозимлар ҳақидаги эълон жойлаштирилган жой ва сана, ҳужжатларни топшириш муддатлари, танловда иштирок этиш учун келиб тушган аризалар сони, шундан рад қилинганлар
ва уларнинг сабабларини ҳамда танлов куни ҳозир бўлган номзодларнинг рўйхатини ўқиб эшиттиради.
18. Тест саволлари 20 хил вариантда 30 тадан савол, ҳар бир саволга 4 та (“А”, “B”, “C”, “D”) жавоблардан иборат бўлиб, Ишчи орган томонидан давлат тилида тайёрланади.
Тест синови соҳа хусусиятини инобатга олиб ўрта махсус ёки олий таълимнинг тегишли йўналишидаги фанларнинг ўқув дастурларига мувофиқ, мантиқий фикрлаш, ахборотни тизимга солиш, уни таҳлил қилиш ва умумлаштириш, амалий миқдорий масалаларни ечиш қобилиятини баҳолашга қаратилган саволлардан иборат бўлади.
Бунда саволлар ҳуқуқий, сиёсий, мантиқий, қиёсий турларга бўлинади. Ҳуқуқий саволлар номзоднинг ҳуқуқий соҳадаги билимларини, сиёсий саволлар амалга оширилаётган сиёсий жараёнлардан хабардорлигини аниқлашга қаратилган бўлса, мантиқий саволлар муайян шарт-шароитдан келиб чиқиб, аниқ фикрлаш ва тўғри хулоса чиқариш, сонли ва шаклли қонуниятларга эътибор беришга, қиёсий саволлар эса, ўзаро боғлиқликни ҳамда турли тушунча ва жараёнлар ўртасидаги ўхшашликни сезиш қобилиятини аниқлашга қаратилган.
19. Тест саволлари, уларнинг жавоблари ва жавоблар бланкалари Ишчи органида сақланади ҳамда у саволлар ва жавобларнинг тўғрилиги, тестлар ва жавобларнинг ошкор бўлиб кетмаслиги учун масъул ҳисобланади.
20. Ишчи орган томонидан номзодга тест синовлари ўтказишнинг қисқача мақсади, мазмуни ва тартиби тушунтирилади. Шундан сўнг номзодга тест саволлари вариантини танлаш таклиф қилинади ва мазкур Низомнинг 7-иловасига мувофиқ шаклдаги жавоблар варақаси тарқатилади. Ҳар бир жавоб варақаси Махсус комиссия раиси томонидан тасдиқланган бўлиши лозим.
21. Номзодга тест саволларига жавоб бериш учун 30 дақиқа вақт берилади.
Ҳар бир тест саволига фақат битта жавоб белгиланиши лозим. Жавоблар варақасининг тўғри тўлдирилиши учун номзод шахсан жавобгар ҳисобланади.
Тўлдирилган жавоблар варақаси номзоднинг билим даражасини белгиловчи ҳужжат ҳисобланади ва унинг шахсий ҳужжатлари билан бирга сақланади.
22. Тест саволларига жавоб бериш жараёнида номзодларга қуйидагилар тақиқланади:
қонун ҳужжатларидан, маълумот берувчи ва махсус адабиётлардан, ҳар қандай турдаги техника воситаларидан ёки бошқа материаллардан (маълумотлардан) фойдаланиш;
бошқа шахслар билан суҳбатлашиш;
жавоблар варақасини топширгунга қадар тест саволлари ўтказилаётган хонадан рухсатсиз ташқарига чиқиш.
Мазкур талабларга риоя қилмаган номзод тест жараёнини ўтказиш тартибини бузган деб топилади ва уни танловда қатнашишдан четлаштириш учун асос бўлади. Ушбу ҳолатда Ишчи орган томонидан мазкур Низомнинг 9-иловасига мувофиқ шаклда далолатнома расмийлаштирилади ва комиссия аъзолари томонидан имзоланади.
23. Жавоблар варақаси синов учун белгиланган вақт тугагунга қадар ёки тугаши билан синов кузатувчиси бўлган Ишчи органга топширилади.
Ишчи орган номзоддан жавоблар варақасини олгандан сўнг тест синови натижасида тўпланган балларни Комиссия раисига ва номзодга ўқиб эшиттиради. Бунда номзодларнинг ҳар бир тўғри жавоби учун бир балл берилади.
24. Тест синови натижасига кўра камида 71 фоиз саволларга тўғри жавоб берган номзод кейинги босқичга, яъни номзоднинг назарий билимлари ва касбий лаёқатини аниқлаш юзасидан суҳбатга чақирилади.
25. Номзоднинг назарий билимлари ва касбий лаёқатини аниқлаш, унинг лавозим касб фаолиятига боғлиқ қонунчилик соҳаси, умумий қонунчилик асослари, амалиётда кўп учрайдиган муаммоли ҳолатлар (казуслар)нинг ечими бўйича суҳбат ўтказилади.
Бунда номзод саволлар қўйилган учта қутичадан бир донадан саволларни жами
учта саволни тасодифий танлаш йўли билан олади. Қутичадан олинган саволларни ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Ҳар бир қутича ичида 50 тадан саволлар жойлаштирилади.
Саволларга тайёрланиш учун номзодларга 10 дақиқагача вақт ажратилади.
26. Номзод тушган саволларга жавоб бера олмаса ёки берилган жавоблар асосида номзоднинг билим даражасини аниқлашнинг имконияти бўлмаса, Махсус комиссия раисининг рухсати билан қўшимча саволлар берилиши мумкин. Қўшимча саволлар олдинги саволларга берилган жавобларни аниқлаштириш мақсадида берилиши ва олдинги саволлар доирасидан четга чиқмаслиги лозим.
Номзод томонидан берилган жавоблар аниқ, лўнда ва айнан савол мазмуни билан мос бўлиши ҳамда битта саволга жавоб бериш давомийлиги икки дақиқадан ошмаслиги лозим. Қўшимча саволлар берилган ҳолатларда суҳбат давомийлиги яна ўн дақиқагача узайтирилиши мумкин.
27. Танлов эълон қилинган бўш иш ўрнининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда бошқа соҳа мутахассислари ҳам номзодга саволлар бериш ва жавоблар бўйича
ўз хулосасини баён этиш учун овоз бериш ҳуқуқисиз таклиф этилиши мумкин.
28. Тест синовида ва суҳбатда бериладиган саволлар рўйхати Махсус комиссия раиси томонидан тасдиқланиб, вазирликнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади ҳамда қонунчиликда, шунингдек жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида бўлаётган муҳим ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда ҳар йили янгилаб борилади.
29. Суҳбат натижалари бўйича ҳар бир савол ўн баллик тизимда баҳоланади.
Жавобларни баҳолаш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:
0 балл – саволга жавоб беролмаслик;
1-3 балл – савол бўйича умумий тушунчага эга эмаслиги;
4-7 балл – саволга умумий ёки қисман жавоб бериш;
8-10 балл – саволга тўлиқ ва атрофлича жавоб бериш.
Бунда Махсус комиссия аъзоларининг ҳар бири суҳбат натижаси бўйича ҳар бир савол юзасидан номзодга мазкур Низомнинг 8-иловасига мувофиқ шаклдаги баҳолаш варақасига балл қўяди. Махсус комиссиянинг ҳар бир аъзоси алоҳида баҳолаш варақасини тўлдиради. Баҳолаш варақасини комиссиянинг бошқа аъзоларига кўрсатиш тақиқланади ва балларни ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
30. Суҳбат якунлари бўйича комиссия аъзолари томонидан номзодга қўйилган баллар Низомнинг 8-иловасидаги жадвалга мувофиқ умумлаштириш ва ўртача балл ҳисоблаб чиқариш учун Ишчи органга берилади. Ишчи орган томонидан номзодга қўйилган баллар мазкур Низомнинг 7-иловасига мувофиқ шаклдаги жавоблар варақасига қайд қилинади.
Номзод томонидан тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 56 фоизи ва ундан юқорисини тўплаганда номзод лавозимга тавсия этилади. Номзод томонидан тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 55 фоизидан кам балл тўплаганда комиссия аъзолари томонидан номзод суҳбатдан ўтмаган деб эътироф этилади.
31. Махсус комиссия суҳбат натижасига мувофиқ номзодни топширган вакант лавозимдан бошқа бир вакант лавозимга ишга қабул қилишга тавсия қилиш ҳуқуқига эга.
32. Танлов якунлари бўйича Махсус комиссия хулоса қабул қилади.
Хулосада қуйидагилар кўрсатилади:
рақами ва қабул қилинган санаси;
иштирок этган Махсус комиссия аъзолари рўйхати;
танлов натижалари;
номзодга тушган саволлар;
танловда ғолиб деб топилган номзодлар рўйхати;
Махсус комиссия хулосаси устидан шикоят қилиш тартиби.
Жавоблар варақалари ҳамда баҳолаш варақаси Махсус комиссия хулосасига илова қилинади.
Махсус комиссия хулосаси Ишчи орган томонидан расмийлаштирилади ҳамда раис томонидан тасдиқланади.
33. Номзод томонидан тўпланган баллар, баҳолаш натижалари ҳамда комиссия хулосаси шу куннинг ўзида танловда иштирок этган номзодларга ўқиб эшиттирилади.
34. Танлов натижаларидан норози бўлган номзод ўн кун муддат ичида адлия вазирига, шунингдек судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.
Танлов натижаларидан норози бўлган номзоднинг мурожаатини кўриб чиқиш жараёнида Махсус комиссия томонидан меҳнат қонунчилиги ҳамда танлов ўтказиш тартибига риоя қилинганлиги, шунингдек номзоднинг танлов натижасига боғлиқ бўлган танлов ўтказиш жараёнидаги қонунбузилишларга оид важлари ўрганилади. Натижаси бўйича марказий аппаратнинг Кадрлар бошқармаси томонидан мурожаат муаллифига жавоб хат юборилади.
35. Махсус комиссия томонидан ўтказиладиган танловнинг ижобий натижаларига кўра номзодга бўш иш ўринга ёки жамоатчи ёрдамчиликка ишга киришга тавсия этилиши мумкин.
Адлия органлари ва муассасаларининг вазирлик номенклатурасига кирувчи лавозимларига Махсус комиссия томонидан ишга қабул қилишга тавсия қилинган номзодлар вазирлик билан келишилгандан сўнг вазирликнинг розилик хати ёки тегишли буйруғига асосан ишга қабул қилинади.
Мутахассислиги бўйича етарли иш тажрибасига эга бўлмаган номзодлар касбий фаолиятга ва келгусида бўш иш ўринларга муносиб номзодлар этиб тайёрлаш мақсадида жамоатчи ёрдамчиликка қабул қилинади.