Марказнинг бошқа таркибий бўлимлари ҳақида маълумот

Сифат менеджмент бўлими

Тарихи: Марказнинг Сифат менеджмент бўлими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.04.2019 йилдаги №338-сонли қарорига асосан ташкил топган бўлиб, бўлимда бўлим бошлиғи ва мутахассис лавозимлари жорий этилган.
Вазифалари: Бўлим қуйидаги асосий вазифаларни бажаради:

  • Марказда ўтказиладиган экспертизаларни сифат жиҳатидан назорат қилади;
  • Марказ лаборатория ва бўлимларини халқаро Аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ бўлган ишларини ташкиллаштиради;
  • Марказ лабораторияларини ISO/IEC 17025:2017 халқаро стандарт талабларига жавоб берадиган сифат менеджмент тизимини сертификатлаштириш билан боғлиқ бўлган ишларни амалга оширади;
  • Лабораторияларни ички ва ташқи аудит текширувларидан ўтказилишини таъминлайди.
  • Шунингдек, Марказ раҳбариятининг топшириғига кўра, ташкилий масалалар билан боғлиқ бўлган бошқа вазифаларни ҳам бажаради.

Марказ фаолиятида сифат менеджментини жорий этиш ишлари 2015 йилда бошланган бўлиб, дастлаб Марказ ISO 9001:2015 “Сифат менеджмент тизими. Талаблар” стандарт талабларига кўра, “Производство судебных экспертиз и исследований” аккредитация доираси бўйича CERT INTERNATIONAL халқаро сертификация органи томонидан Аккредитациядан ўтказилиб, танланган аккредитация доираси бўйича Марказ фаолиятини стандарт талабларига кўра бажарилишида мувофиқлик аниқланган ва №QMS-0117/А Аккредитация сертификатига эга бўлган.
Марказ фаолиятида сифат менеджмент тизимини ISO/IEC 17025 стандарт талаблари бўйича ташкил этиш ва амалиётга тадбиқ этиш, Марказ лабораторияларини мазкур стандарт талабларига мувофиқ халқаро аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ ишлар 2017 йилдан бошлаб амалга оширилди. Молиявий ва ташкилий ишлар БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашишнинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонасининг Марказий Осиё давлатлари учун 2015-2020 йилларга мўлжалланган “Илмий тадқиқотлар ва тенденциялар таҳлили” мавзусидаги лойиҳасининг “Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги ва Адлия вазирлиги эксперт-криминалистик лабораториялари имкониятларини мустаҳкамлаш”  компоненти доирасида бажарилди.
Халқаро аккредитациядан ўтиш жараёни бир неча мураккаб босқичларни ўз ичига олиб, стандарт талабига кўра махсус ички ҳужжатлар тизимини ишлаб чиқишни ва уларни амалиётга жорий этишни тақозо этади. Шунга кўра, Марказ Сифат менеджментининг энг асосий Сифат соҳасидаги Сиёсати, Сифат бўйича қўлланмаси, 19 та умумий жараён ҳужжатлари, танланган аккредитация доиралари бўйича техник жараён ҳужжатлари (SOP) ва йўриқномалари ишлаб чиқилди ҳамда амалиётга тадбиқ этилди.  Лабораторияларнинг моддий техник базаси янгиланди, энг сўнгги замонавий техник ускуналар ва воситалар билан жиҳозланди. ISO/IEC 17025:2017 стандарт талаблари бўйича ходимлар махсус тренинг курсларида ўқитилиб, стандарт талабларига кўра тадқиқотларни ўтказиш ва уларни расмийлаштириш тартиби бўйича малака ва кўникмалари оширилди.  Танланган аккредитация доиралари бўйича халқаро аккредитатланган провайдерларнинг  Профессионал тест текширувларида иштирок этилди, усуллар валидацияси ва верификацияси ўтказилди.
2020 йил 14-17 март кунлари Марказнинг Одам ДНКси суд биологик экспертизаси лабораторияси ва Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси  лабораториялари ГОСТ ISO/IEC 17025-2019 (ISO/IEC 17025:2017) «Тадқиқот ва калибрлаш лабораторияларининг ваколатлилигига қўйиладиган умумий талаблар» стандарт талаблари бўйича Қозоғистон Республикаси Миллий Аккредитация Маркази томонидан ташқи аудит текширувидан ўтказилиб, Марказ лабораториялари фаолиятининг стандарт талабларига мувофиқлиги ҳақидаги ижобий хулосаси олинди.
2020 йил 23 июнь кунидаги  Қозоғистон Республикаси Миллий Аккредитация Марказининг №532-ОД сонли буйруғига кўра, Х.Сулаймонова номидаги Республика Суд экспертизаси Маркази халқаро аккредитациядан ўтган ташкилотлар рўйхатига қўшилди ва “Наркотик моддаларни идентификация қилиш (ТГК, кодеин, морфин, героин)” ва “ДНКни аниқлаш:одам қони ва сўлаги” (Оталикни (оналикни) аниқлаш экспертизалари) аккредитация доиралари бўйича ўтказиладиган экспертиза тадқиқотларини ГОСТ ISO/IEC 17025-2019 (ISO/IEC 17025:2017) стандарт талабларига жавоб бериши ҳақидаги Аккредитация Аттестати (№ KZ.T.00.2341) га эга бўлди. Марказ Ўзбекистон Республикасида суд экспертлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар ичида биринчи бўлиб ГОСТ ISO/IEC 17025-2019 (ISO/IEC 17025:2017) стандарт талабларига мувофиқ Аккредитация жараёнини ўтказди.
2019 йил 17 январдаги ПҚ-4125-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 7-банди юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ ҳамда БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашишнинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонасининг “Ўзбекистон Республикасида суд экспертиза ташкилотларининг  имкониятларини мустаҳкамлаш-фаза II” номли навбатдаги лойиҳаси доирасида эндиликда Марказнинг Суд фонография экспертизаси ва Ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораторияларини ҳам ГОСТ ISO/IEC 17025-2019 (ISO/IEC 17025:2017) стандарт талаблари бўйича халқаро аккредитациядан ўтказиш ишлари бошланган ва келгусида танланган аккредитация соҳаларини янада кенгайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Алоқа маълумотлари: Тел: 71-209-11-55; Ички тел: 148. Бўлим бошлиғи: Тошева Динара

Ахборот технологиялари ва инновацияларни жорий қилиш бўлими

Тарихи: 2019 йил 3 май куни Марказ директорининг № 39–ум сонли буйруғи асосида Марказда “Ахборот технологиялари ва инновацияларни жорий қилиш бўлими” ташкил этилган. Ушбу бўлимда 3 та штат бирлиги асосида мутаҳасислар ишлаши режалаштирилган. Бугунги кунда бўлимда учта ҳодим бўлим бошлиғи, бош мутаҳассис ва катта мутахассис ишламоқда.

Вазифалари: Бўлимнинг асосий вазифалари қуйидагилар хисобланади:

  1. Марказ тизимида ахборот хавфсизлигини таъминлаш.
  2. Марказ расмий веб-сахифасини ишлаб чиқиш ва юритиш.
  3. Марказда локал компьютер тармоғи холатини тахлил килиш ва тармоққа уланган компьютер техникаларини назоратдан ўтказиш.
  4. Марказда ахборотлаштириш сохасида давлат сиёсатини ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ривожлантириш, маълумотларни сақлаш ва уларга ишлов бериш.
  5. Бошқарув жараёнини компьютерлаштириш тизимини ишга тушириш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш ва бошқалар.

Ҳозирга қадар бажарилган ишлар ва якунланган ахборот тизимлари:

  • Марказнинг расмий веб сайти тўлиқ, янгидан ишлаб чиқилди (http://sudex.uz/);
  • Ахборот хавфсизлиги сиёсати” ишлаб чиқилди;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПҚ-4125-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 20-банди ижроси юзасидан “Суд экспертизалари ҳисоби тизими” ахборот тизими ишлаб чиқилди.
  • Суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув маркази учун “Электрон таълим платформаси” онлайн тизими ишлаб чиқилди.
  • Марказда экспертиза учун ашёвий далилларни идентификациялаш (ИД рақам ва штрих код ёрдамида) дастури “MyBarcode” ишлаб чиқилди.
  • Марказнинг телеграм тармоғидаги расмий боти “@sudexuz_bot” ишлаб чиқилди ва такомиллаштирилмоқда.
  • Марказда пулли хизмат кўрсатишни қулайлаштириш мақсадида “payme” электрон пул ўтказмалари тизимига уланди ва бошқалар.

Алоқа маълумотлари: Тел: 71-209-11-55; Ички тел: 132.

Ташкилий-назорат ва таҳлил бўлими

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 321-сон қарорининг 2-бандида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази тузилмаси тасдиқланган. Унга кўра 5 нафар ходимдан иборат Ташкилий-назорат ва таҳлил бўлими ташкил этилган.
Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг Ташкилий-назорат ва таҳлил бўлими Марказнинг таркибий тузилмаси ҳисобланади. Бўлим Марказда иш юритиш фаолиятига, шунингдек Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўлимларининг девонхона, архив, назорат-таҳлил ва ҳуқуқий статистика фаолиятига услубий раҳбарликни амалга оширади.

Идоравий архив

Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 15 июндаги “Архив иши тўғрисида”ги ЎРҚ-252-сон Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида архив иши ва иш юритишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5834-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининиг 1999 йил 30 октябрдаги 482-сон “Архив иши бўйича меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги, 2008 йил 26 августдаги 194-сон “Ўзбекистон Республикасида архив ишини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги, 2012 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида”ги 101-сон қарорига мувофиқ, ҳужжатлар сақланишини таъминлаш, ҳисобини олиш, улардан илмий ва амалий мақсадларда фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Х. Сулайманова номидаги Республика суд экспертиза марказида идоравий архив ташкил этилган.
Идоравий архивнинг асосий вазифалари: ташкилот ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш, улардан фойдаланиш ҳамда давлат сақловига топшириш учун тайёрлашдан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида архив ишини такомиллаштириш тўғрисида”ги 101-сон қарорига таянган ҳолда Идоравий архив ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ;
Ўзбекистон Миллий архиви билан келишилган меъёрий – услубий ҳужжатларга мувофиқ, Марказнинг бошқармалари, бўлинмалари иш юритиш жараёнида тугалланган ҳамда шахсий таркиб ҳужжатларини жамлайди, ҳисобга олади ва сақлайди;
Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигида 2012 йил 29 мартда 2347-сон билан рўйхатга олинган “Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга таянган ҳолда архивда сақланаётган ҳужжатларнинг илмий ва амалий қимматини аниқлаш учун экспертиза қилишни ташкил этади, иш юритиш жараёнида ҳужжатлар қимматлилигини экспертиза қилишда услубий ёрдам кўрсатади;
Ҳужжатларни давлат сақловига топшириш учун тайёрлайди ва “Архив иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда Ўзбекистон Миллий архивига топширади;
Марказнинг Девонхона бўлими билан биргаликда бўлинмалар йиғмажилдларининг тўғри шакллантирилишини ва расмийлаштирилишини назорат қилади, йиғмажилдлар рўйхатини тузишда иштирок этади;
Ҳужжатлардан фойдаланишни ташкил қилади ва белгиланган тартибда ҳам манфаатдор ташкилотларга, ҳам жисмоний шахсларга маълумотномалар, ҳужжатлардан кўчирмалар ва нусхалар беради;
Марказнинг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда, архив ишини юритишда ҳужжатлар билан ишлаш бўйича меъёрий – услубий ҳужжатлар (йўриқнома, тавсия, низом, сақлаш муддатлари кўрсатилган ҳужжатлар рўйхати ва бошқалар)ни ишлаб чиқишда иштирок этади, уларни Ўзбекистон Миллий архиви билан келишиб олади.