Нодавлат суд экспертиза ташкилотини ташкил этиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш бўйича низомларни тасдиқлаш ҳақида» 180-сон қарори 2020 йил 24 март куни қабул қилинди.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти фуқаролик, иқтисодий, жиноят ва маъмурий суд ишлари бўйича суд экспертизасини ўтказишга ихтисослаштирилган, штатида суд эксперти сертификатига эга мутахассислар (кейинги ўринларда суд эксперти деб юритилади) бўлган ташкилот ҳисобланади.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти юридик шахс шаклида ташкил этилади.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти раҳбари сифатида фақат суд эксперти фаолият олиб бориши мумкин.

Суд эксперти фақат битта нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг муассиси (иштирокчиси) бўлиши мумкин.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти суд экспертизасини ўтказишда давлат суд-экспертиза муассасалари каби функцияларни амалга оширади, улар каби ҳуқуққа эга бўлади, мажбуриятларни бажаради ва жавобгар ҳисобланади.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти фақат суд экспертизасини амалга ошириш фаолияти билан шуғулланишга ҳақли.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг фирма номида унинг нодавлат суд-экспертиза ташкилоти эканлиги кўрсатилиши шарт.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти штатида унинг раҳбаридан ташқари бир хил ёки турли хил суд экспертизаси йўналиши бўйича суд эксперти сертификатига эга камида икки нафар суд эксперти бўлиши лозим.