Суд экспертларини малакаси ва ҳуқуқий билимларини ошириш тартиби

Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш тартиби тўғрисида

Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириб бориш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда суд экспертларининг малакасини ошириш тизимини ташкил қилиш тўғрисида”ги 206-сон қарори асосида амалга оширилади.

Суд экспертларининг малакасини ошириб бориш суд экспертларининг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларига мос равишда амалга оширилади.

Суд экспертларининг малакасини ошириб бориш вазирликлар ва идоралар томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

Суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириб бориш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулайманова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг (кейинги ўринларда Суд экспертизаси маркази деб аталади) Суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув марказида (кейинги ўринларда Ўқув маркази деб аталади) вазирликлар ва идораларнинг тақдим қилинадиган буюртмасига асосан амалга оширилади.

Ўқув марказида суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириб бориш харажатлари, шунингдек Ўқув марказига асосий ишдан ажралган ҳолда бошқа ҳудудлардан юборилган суд экспертларининг ўқиш жойига келиши ва у ердан қайтиши бўйича бир марталик йўл харажатлари, хизмат сафари бўйича харажатлар вазирликлар ва идораларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.

 Суд экспертлари ҳар икки йилда малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириб бориши шарт.

Малакани ва ҳуқуқий билимларни ошириш ўз ихтисослиги бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлган суд экспертлари учун ташкил қилинади.

Вазирликлар ва идоралар:

суд экспертларининг малакасини ошириш тизимида ўқиши лозим бўлган суд экспертларининг эҳтиёжини аниқлайди ва таркибини шакллантиради;

ҳуқуқий билимларини ошириб бориш бўйича ўқув машғулотларини ўтказишда Ўқув марказига ташкилий-методик жиҳатдан кўмаклашади;

суд экспертларининг малакасини ошириш бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқади;

суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириб бориш бўйича ўқув жараёни сифатини мониторинг қилади.

Вазирликлар ва идоралар суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини оширишнинг тўлиқлиги ва ўз вақтида амалга оширилиши учун масъулдирлар.

Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби

Ўқув жараёнини ташкил этиш Ўқув маркази ҳамда вазирликлар ва идоралар томонидан Суд экспертларининг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларига жавоб берадиган ўқув дастурлари асосида амалга оширилади.

Ўқув жараёни гуруҳ таркибида суд экспертизаларининг бир тури бўйича ташкил этилади.

Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини оширишни самарали ташкил қилиш учун Ўқув маркази ҳамда вазирликлар ва идоралар:

ўқитишнинг замонавий педагогик услублари, мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда, суд экспертизаларининг турлари бўйича таҳлилий қобилиятларни ва ижодий фикрлашни ривожлантиришга қаратилган алоҳида ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

фанларнинг суд экспертиза амалиёти билан алоқасини таъминлайди, ўқув жараёнининг амалий йўналтирилганлигини, мустақил таълимни, ўқув жараёнини суд экспертизаси фаолиятидаги вазифаларни самарали бажаришга йўналтирилганлигини кучайтиради, ўқув жараёнига суд экспертизаси соҳасидаги илғор илмий-тадқиқотлар натижалари, педагогик технологиялар, машғулотлар ўтказишнинг самарали шакл ва услубларини жорий этади;

суд экспертлари томонидан ўз мутахассислиги бўйича янги назарий билимлар ва замонавий тадқиқот усуллари, илғор амалий тажрибалар, шунингдек иш фаолиятларида ахборот-технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришни таъминлайди;

ўқув жараёнига таълимнинг интерфаол усуллари, замонавий педагогика технологияларини, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб, ахборот-коммуникация ва масофали таълим технологияларини татбиқ қилади;

мамлакатимизда ва хорижда ишлаб чиқилган суд экспертизаси фанларига тааллуқли илмий, услубий ва техник янгиликлар, илғор тажрибаларни ўрганади ҳамда ўқув жараёнига жорий қилади;

суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича халқаро тажрибани ўрганади, шу соҳа бўйича тажриба алмашишни ташкил қилади;

ўқув жараёнига оид махсус фанлар бўйича адабиётларни ишлаб чиқади;

суд экспертизаси тадқиқотлари методикаларини такомиллаштириш, янги турдаги экспертизаларни жорий қилиш, ўқув жараёнини ривожлантиришга оид мавзуларда конференция, симпозиум ва семинарлар ташкил қилади ҳамда бундай анжуманларда иштирок этади;

ўқув жараёнининг лозим даражада ташкил қилиниши ва ўтказилиши учун жавобгар бўлади.

Ўқув жараёни муайян йўналиш бўйича циклик машғулотлар (кун давомида бошқа турдаги машғулотларга жалб этмасдан) тарзида амалга оширилади.

Суд экспертларининг малакасини ошириш жараёнида малакавий амалиёт (стажировка) ўтказилиши назарда тутилади.

Суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириб бориш вазирликлар ва идораларнинг буюртмаларига биноан Суд экспертизаси маркази томонидан тасдиқланган режа-график асосида амалга оширилади.

Ўқув марказига суд экспертларини қабул қилиш Суд экспертизаси маркази директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Малака ва ҳуқуқий билимларини оширишни ўтаётган суд экспертларига ўқишнинг бутун даври мобайнида асосий иш жойи бўйича эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

Ўқув марказига жалб қилинган суд экспертлари ўқув жараёнидан қуйидаги ҳолатларда четлаштирилади:

Суд экспертизаси марказининг ички тартиб-қоидаларини бузганлик учун;

ўқув дастурларини ўзлаштирмаганлик учун;

узрли сабабларсиз 8 академик соатдан кўп ўқув машғулотларини қолдирганлик учун.

Узрли сабабларга кўра ёки ўқишнинг даврийлиги ва талабларига биноан ўқишни давом эттира олмаган суд эксперти ўз аризасига кўра ўқув жараёнидан четлаштирилиши мумкин.

Узрли сабабларга кўра ўқишни давом эттира олмаган суд экспертига келгусида ташкил этиладиган ўқув гуруҳларида ўқиш имкони берилади.

Ўқув марказига жалб қилинган суд экспертларини ўқув жараёнидан четлаштириш Суд экспертизаси маркази директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади ва бу ҳақда вазирликлар ва идораларга хабар берилади.

Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш шакллари

Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш бевосита ва билвосита шаклларда амалга оширилади.

 Бевосита шаклда малакани ва ҳуқуқий билимларни ошириш қуйидагича ташкил қилинади:

ўқув жараёнида иштирок этиш — ўқув дастурларига мос ҳолда янги назарий ва амалий билимлар, малака ва кўникмаларни ўзлаштириш;

давлат суд экспертизаси муассасаларида малакавий амалиёт (стажировка) ўташ — суд экспертларининг амалий билимлари, кўникма ва малакаларини кенгайтириш ва чуқурлаштириш ҳамда ўқув жараёнида олган назарий билимларини амалиётда қўллаш.

Суд экспертлари малакавий амалиёт (стажировка) ўташни хорижий давлатларнинг суд экспертлари малакасини оширишга ихтисослашган муассасаларида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳамда вазирлик, идоралар ва давлат суд экспертизаси муассасалари билан хорижий давлатларнинг тегишли муассасалари ўртасида тузилган шартномалар, шунингдек хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан суд экспертизаси муассасаларини ривожлантириш мақсадида ажратиладиган грантлар асосида амалга оширишлари мумкин.

Билвосита шаклда малакани ва ҳуқуқий билимларини ошириш — суд экспертларининг масофадан туриб амалга ошириладиган таълим, ўз билимини мустақил ошириши, тажриба алмашиши, давлат суд экспертизаси муассасалари ва Ўқув маркази томонидан ташкил этиладиган экспертларнинг семинар, давра суҳбати ва конференцияларда ҳамда бошқа шу каби тадбирларда иштирок этиши ва маърузалар билан чиқиши орқали амалга оширилади.

Масофадан туриб амалга ошириладиган таълим ахборот-коммуникация технологияларига асосланади ва асосий ишдан ажрамаган ҳолда ташкил этилади.

Масофадан туриб амалга ошириладиган таълим тегишли ўқув дастури асосида ташкил қилинади ҳамда малака оширишнинг мустақил шакли сифатида ёки малакани ва ҳуқуқий билимларни ошириш бевосита шаклининг такрибий қисми сифатида амалга оширилиши мумкин.

Суд экспертлари ўзининг билим, кўникма ва малакасини мустақил тарзда ошириб боришлари шарт. Мустақил таълим суд-экспертлик фаолиятининг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади.

Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича ўқув жараёнининг муддати ва давомийлиги

Вазирликлар ва идоралар томонидан суд экспертларининг малакасини ошириш муддати икки ҳафтадан кам бўлмаслиги керак.

Ўқув марказида суд экспертларининг ҳуқуқий билимларини ошириб бориш бир ҳафтадан кам бўлмаган муддатда ташкил этилади.

Ўқув жараёни ҳафтасига кўпи билан 36 академик соат ҳажмида амалга оширилади.

Масофали таълимда ўқитиш муддати ўқув жараёни муддатига мос ҳолда академик соатлар билан аниқланади.

Суд экспертлари билимини баҳолаш

Ўқув жараёнига жалб қилинган суд экспертлари билимларини баҳолаш якуний назоратлар натижасига кўра амалга оширилади.

Малакани ошириш бўйича якуний назорат вазирликлар ва идораларда (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги суд экспертлари учун –Ўқув марказида) тест ёки ёзма имтиҳон шаклида ўтказилади.

Ҳуқуқий билимларни ошириш бўйича якуний назорат Ўқув марказида тест ёки ёзма имтиҳон ҳамда ўқиш даврида олинган назарий билимлар ва амалий кўникмаларни аниқлашга қаратилган суҳбат шаклида ўтказилади.

Якуний назоратларни ташкил этиш ва ўтказиш учун вазирликлар ва идоралар раҳбарлари ва Суд экспертизаси маркази директорининг буйруқлари билан комиссиялар ташкил этилади.

Ўқув марказида ташкил этиладиган комиссия таркибига вазирликлар ва идоралар, олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари улар билан келишилган ҳолда киритилиши мумкин.

Якуний назоратлар натижалари комиссиялар аъзолари томонидан имзоланадиган қайднома варақаларига киритилади.

Якуний назоратлардан ўта олмаган ёки узрли сабабларга кўра уларда иштирок эта олмаган суд экспертига, унинг аризасига биноан, уч кун муддатда тегишли якуний назоратни қайта топшириш имкони берилади.

Ҳуқуқий билимларни оширишдан ўтмаган ходимлар ҳақидаги маълумотнома Суд экспертизаси маркази томонидан зарур чоралар кўриш учун вазирликлар ва идораларга юборилади.

Малакани ва/ёки ҳуқуқий билимларни оширишдан ўтмаган ходимларнинг суд-экспертлик фаолияти билан шуғулланиши ҳамда уларни суд-экспертлик фаолиятига жалб қилиш тақиқланади.