Қўшимча, қайта, комиссион ва комплекс экспертиза тайинлаш тартиби ва асослари

Қўшимча суд экспертизаси хулосадаги бўшлиқларнинг ўрнини тўлдириш учун тайинланади ва шу ёки бошқа суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) томонидан ўтказилади.

Хулоса асослантирилмаганда ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки суд экспертизасини ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда қайта суд экспертизаси тайинланади.

Қайта суд экспертизаси тайинланганда суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) олдига илгари қўлланилган текшириш усулларининг илмий асосланганлиги тўғрисидаги масала қўйилиши мумкин.

Қайта суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда қайта суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) биринчи (олдинги) суд экспертизаси хулосасига қўшилмаганлиги сабаблари кўрсатилиши лозим.

Қайта суд экспертизасини ўтказиш бошқа суд экспертига (суд экспертлари комиссиясига) топширилади. Биринчи (олдинги) суд экспертизасини ўтказган суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) қайта суд экспертизасини ўтказишда ҳозир бўлиши ва тушунтиришлар бериши мумкин, лекин у текшириш ўтказиш ва хулоса тузишда иштирок этмайди.

Суд экспертизаси бир хил (комиссиявий суд экспертизаси) ёки турли хил (комплекс суд экспертизаси) суд-эксперт ихтисослигидаги бир неча суд эксперти томонидан ўтказилиши мумкин.

Суд экспертизасининг суд экспертлари комиссияси томонидан ўтказилиши суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) ёки мазкур экспертизанинг ўтказилишини ташкил этувчи давлат суд-экспертиза муассасаси ёхуд бошқа ташкилот раҳбари томонидан белгиланади.

Суд экспертизасини ўтказиш топширилган суд экспертлари комиссияси ўз олдига қўйилган масалаларни ҳал этиш зарурлигидан келиб чиқиб, ўтказиладиган текширишларнинг мақсади, кетма-кетлиги ва ҳажмини келишиб олади.

Суд экспертизасини ўтказиш топширилган суд экспертлари комиссияси таркибидаги ҳар бир суд эксперти текширишларни мустақил ва алоҳида олиб боради, шахсан ўзи ва комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан олинган натижаларни баҳолайди ҳамда қўйилган саволлар юзасидан ўз махсус билимлари доирасида фикрларини шакллантиради.

Текширишларнинг суд экспертлари комиссияси таркибига киритилмаган шахслар томонидан тўлиқ ёки қисман ўтказилишига йўл қўйилмайди.

Комиссиявий суд экспертизаси ўтказилаётганда суд экспертларининг ҳар бири текширишларни тўлиқ ҳажмда ўтказади ва улар олинган натижаларни биргаликда таҳлил қилади.

Суд экспертлари умумий фикрга келганидан сўнг биргаликдаги хулосани ёки хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги ҳужжатни тузади ва имзолайди.

Суд экспертлари ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.

Комплекс суд экспертизаси иш учун аҳамиятга молик ҳолатларни турли илм соҳаларидан фойдаланган ҳолда бир неча текшириш ўтказиш йўли билангина аниқлаш мумкин бўлган ҳолларда тайинланади.

Комплекс суд экспертизасини ўтказишда суд экспертларининг ҳар бири ўз ваколати доирасида текширишлар олиб боради. Комплекс суд экспертизасининг хулосасида суд экспертларининг ҳар бири қайси текширишларни ва қанча ҳажмда олиб борганлиги, қайси ҳолатларни шахсан ўзи аниқлаганлиги ҳамда қандай фикрларга келганлиги кўрсатилади. Суд экспертларининг ҳар бири хулосанинг ушбу текширишлар баён этилган қисмини имзолайди ва улар учун жавобгар бўлади.

Умумий фикрни (фикрларни), олинган натижаларни баҳолашга ва ушбу фикрни (фикрларни) шакллантиришга ваколатли бўлган суд экспертлари қилади. Агар суд экспертлари комиссияси якуний фикрининг ёки унинг бир қисмининг асоси сифатида суд экспертларидан бирининг (алоҳида суд экспертларининг) аниқлаган ҳолатлари олинган бўлса, бу ҳақда хулосада кўрсатилиши керак.

Суд экспертлари ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.

Агар комплекс суд экспертизасини ўтказиш давлат суд-экспертиза муассасасига топширилган бўлса, унда ушбу экспертизани ташкил қилиш унинг раҳбари зиммасига юклатилади.