Экспертларнинг ҳуқуқлари

Суд эксперти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд экспертизаси предметига оид иш материаллари билан танишиш, улардан зарур маълумотларни ёзиб олиш ёки кўчирма нусхалар олиш;
  • суд экспертизасини ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча материаллар ва текшириш объектлари тақдим этилиши ҳақида илтимосномалар бериш;
  • тергов ҳаракатлари ўтказилаётганда суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг рухсати билан ҳозир бўлиш ва шу тергов ҳаракатларида иштирок этувчи шахсларга суд экспертизаси предметига оид саволлар бериш;
  • суд муҳокамасида суд экспертизаси предметига оид далилларни текширишда иштирок этиш ва сўроқ қилинаётган шахсларга суднинг рухсати билан саволлар бериш;
  • ашёвий далиллар ва ҳужжатларни кўздан кечириш;
  • ўз хулосасида нафақат ўзининг олдига қўйилган саволлар бўйича, балки суд экспертизаси предметига оид ва иш учун аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича ҳам фикрларини баён этиш;
  • унинг хулосаси ёки кўрсатувлари процесс иштирокчилари томонидан нотўғри талқин қилинганлиги хусусида тергов ҳаракати ёки суд мажлиси баённомасига киритилиши лозим бўлган баёнотлар бериш;
  • агар у иш юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса, ўз она тилида хулоса тақдим этиш ва кўрсатувлар бериш ҳамда бундай ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш;
  • агар унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишни юритаётган органнинг қарорлари, шахснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бузаётган бўлса, бу қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш.
  • Суд эксперти қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.